"Kelajak Yulduzlari - 2015"da bugunning yulduzlari
/ Kiritdi: BestMaster O'qilgan: 1467
So'nggi tur uchrashuvlarida dastlabki ikki bahs g'olibi bo'lgan "Bunyodkor" 0:2 hisobida "Lokomotiv"ga imkoniyatni boy berdi. "Paxtakor" esa "Spartak" bilan 1:1 o'ynab, musobaqadagi ikkinchi durangini qayd etdi.
Бу фестивал бўлганлиги учун унда турнир жадвали муҳим роль ўйнамайди. Аслида фестивални ўтказишдан асосий мақсад болаларга байрам кайфиятини улашиш. Шундай бўлди ҳам. Уч кун давомида 2006 йилда таваллуд топган футболчилар ҳам футбол ўйнадилар, ҳам маданий ҳордиқ чиқардилар. Биринчи куни "Mega Cinema"да мультфильм томоша қилган ёш чарм тўп усталари, иккинчи кунда муҳташам "Бунёдкор" стадионинг музейига саёҳат қилдилар. Бугун эса улар "Samarqand Darvoza" савдо мажмуаси ичидаги турли туман ўйинлардан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.
Аввалги ўйинларда бўлгани каби 3-тур учрашувида ҳам энг яхшилар аниқланди. Бу сафар бундай бахтга "Локомотив" ва "Спартак" жамоаларининг келажак юлдузлари сазовор бўлдилар.
Турнир якунига етганидан кейин иштирокчиларга турли-туман совғалар туҳфа қилинди. Айниқса, бир кун аввал Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушиб учрашув натижасида асосий ролни ўйнаган футболчилар - Анзур Исмоилов, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров ва Александр Гейнрих каби футболчиларимизнинг финал турига келишлари болакайлар турсин, ота-оналар учун ҳам кутилмаган совға бўлди.
Меҳнатимизни қадрлаган ҳолда миллий олимпиа қўмитасининг бош котиби Ойбек Касимов, "Локомотив" директори Тўлабек Акрамов ва жамоа вакили Равшан Муқимов, "Пахтакор" клубининг директор ўринбосари Равшан Салимов каби мутахассислар ҳам тадбиримизда иштирок этиб, совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этдилар.
Аввалига "Локомотив" ва "Спартак" жамоаларига юлдузларимиз мусобақа нишони туширилган медалларни тақдилар. "Спартак" жамоасининг музейи учун Анзур Исмоилов "Чанчун Ятай" клубидаги футболкасини Сергей Арслоновга совға қилди. Сервер Жепаров эса "Локомотив"га "Ульсан" клуби либосини совға қилди. Кейинги навбат "Пахтакор"га келди. Медаллар тақилгач, жамоанинг собиқ юлдузи Одил Аҳмедов "Краснодар" футболкасини клуб музейига қолдирди. Афсуски, Сардор Рашидов айрим сабабларга кўра тадбиримизда иштирок эта олмади. "Ал Жаиш"нинг футболкаси "Бунёдкор"га совға қилиниши лозим эди, лекин буни ҳам амалладик. Сервер шу куни иккита совға билан ташриф буюрган эди. "Ульсан" жамоаси футболчиларининг дастхати туширилган тўп "Бунёдкор" томон йўл олди. Машғулот туфайли Камолиддин Мурзоев ҳам қатнаша олмади. Аммо у томонидан мусобақага тақдим этилган тўп Фарғонанинг "Истиқлол" жамоасига насиб этди. 2005/06 йилларда таваллуд топган ёш фарғоналиклар шу кунларда ўртоқлик ўйинларини ўтказиш учун Тошкентга ташриф буюрган эканлар, улар фестивалимиз меҳмони бўлдилар.
Ёдингизда бўлса, яқинда хориж футболчиларини кўрган мухлисларни шок ҳолатига тушишлари акс этган видеони қўяр эканмиз, "Сизни ҳам шандай яхши кўришадими?" дея футболчиларга мурожаат қилган эдик.
Бугунги тадбирга келган футболчилар билан жамоавий суратга тушар эканмиз, болаларнинг Аҳмедовни қўлини қаттиқ сиқиб олиши, "Мен Жепаров билан", "Анзур ака, сиз билан тушай", "Болалар, Гейнрих келди, Гейнрих", дея тўлқинланиши кўриб қувониб кетасиз. Ҳақиқатдан ҳам, МТЖ сафидан ўрин олиш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак, у ердан ўрин олганлар эса миллионлар кумири ҳисобланадилар. Айниқса, Фарғонадан келган ёш футболчилар учун бу ҳақиқий байрам бўлди.
Орадан 6 йил ўтиб, мана шу мусобақада иштирок этган футболчилар ичидан ҳеч йўғи бир нафари 2022 йили ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати саралаш (саралаш ўйинлари 2021 йил бўлади) учрашувларида юртимиз шарафини ҳимоя қилса ва уларнинг фаолиятларидаги биринчи фестивал айнан "Келажак Юлдузлари" бўлган десалар кифоя, мана шуни ўзи бизга олам - олам бахтни беради.
Фестивални ташкил этишда яқиндан ёрдам бергани учун бош ҳомий "Oreo" савдо бренди, "Saltanat" ичимликлари ва "Joma" компаниясига, ҳар учрашувнинг энг яхшиларини аниқлаб келган "Akfa Olami"га, шунингдек, финал кунини ёритиб берган "Спорт ТВ" раҳбарияти ва ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бундан ташқари, "Бунёдкор" клуби менежери Бахтиёр Бобоев, "Локомотив" директори Тўлабек Акрамов ва "Пахтакор" академияси иш бошқарувчиси Валерий Бородавкинга раҳмат айтамиз.
Нодирхўжа Юлдашев
26 Yanvar 2021, 10:13